четверг, 14 июня 2012 г.

ANVAR JURABOEV. У ЭЪТИРОФ Ё ИСЁН,Ё ТАРСАКИ,Ё ЎПИЧ (Расул Ҳамзатов билан суҳбат)


   Қачон қўнғироқ қилмай, у ё Италияда, ё Францияда ёки бошқа давлатда бўларди. Ниҳоят, 1985 йилнинг кузида “омадим” чопди.
“ Ҳозир чақираман”, деди рафиқаси. Телефон дастасини қулоғимга ёпиштиргудек бўлиб кута бошладим. Олдин қадам товушлари эшитилди, сўнг ўша таниш овоз. Лекин... дастак бир сониядаёқ муз парчасига айланди-ю, қувончларимни чилпарчин қилиб юборди. Доимо меҳр уфуриб турадиган бу овоз шу қадарда ғал эдики, ундан ижирғанишга монанд “оҳанг” тараларди. “Интервью-пентервью бермайман... Одаммисизлар ўзи, сиз ўзбеклар...” деди-да, шарт трубкани қўйиб қўйди Расул Ҳамзатов. Қулоқларимга ишонмасдим, наҳотки рост бўлса эшитганларим?! Ким, ким, аммо бизларни мудом биродаримиз деб таъкидлаб, ўзбеклар ҳақида гап борганида, тилидан бол томадиган Расул оғанинг шундай дейиши ҳатто, тасаввуримга сиғмасди. 

    Телефоннинг узоқ-узоқ ҳуштаклари юрагимга найзадай санчиларди, гўёки. “Нега?! Нима ёмонлик кўрибди у ўзбеклардан?!..” қуюндек ёпириларди савол устига саволлар. Ахир қачон келса, иззат-икромини жойига қўярдик-ку! Сўнгги маротаба ташриф буюрганидаям бошимизга кўтариб юрувдик. Ўшанда Ҳамзатов билан кўплаб учрашувлар бўлди ва ҳамюртларимиз уни ҳамма ерда ўз жигарбандидай қабул қилишди. Ўша кунлари Расул оға билан интервью хусусида келишиб олувдим. “Бош устига, фақат мени топишинг қийинроқ бўлади-да: нуқул сафардаман. Лекин топишинг биланоқ, вақтни белгилаймиз-у, келаверасан... Мен ўзбеклар учун жонимниям беришга тайёрман!” ... Демак, иккиюзламачилик қилган экан-да. Ва Ҳамзатовга нисбатан ғазаб пайдо бўлади-да, ярим кечасигача ўтириб, унга мактуб ёзаман. Қаҳрли мактуб... Аммо жавоб келмайди.
  Орадан икки йил ўтгач, 1987 йилнинг ёзида оиламиз билан Нальчик шаҳридаги санаторийда дам олдик. Бу ердан Махачқалъагача автобусда етти-саккиз соатлик йўл экан.      Ногаҳон қарор қилдим: Ҳамзатовнинг олдига бориб, орани очиқ қилиб оламан. Путёвка муддати тугагач, рафиқаму болаларимни уйга жўнатиб, ўзим Доғистонга бораман. ... 
   Ёзувчилар уюшмаси биноси Каспий денгизи яқинида жой- лашган экан. Идорада Ҳамзатовнинг ўринбосари шоир Нураддин Юсупов ўтирарди. У “Расул билан улаб бераман”, деб телефон номерини теради. Лекин Ҳамзатов мен билан гаплашишни истамади, шекилли, суҳбатни ўзи олиб боради (табиийки, аварчалаб), гоҳ қизишади, гоҳо баҳслашади. “Хайрият-ей... Расул сиз билан эртага учрашадиган бўлди. Нима, ораларингдан ола мушук ўтганми? Хафа бўлманг, пича қизиққонлиги бор унинг, лекин мард!”, дейди Юсупов. 
     Ҳамзатов хушламайгина кўришади. “Нега ўзбекларни ҳақорат қилдингиз?!”- дея савол бераман унга.
 “Одам ҳам шунча ўжар бўладими... Майли, бизда мусофирни ҳайдашмайди”, дейди у хўмрайиб.

   Юзимга гуп этиб қон югуради. “ Ҳозир боплаб сўкаман-да, шарт чиқиб кетаман!” аҳд қиламан. Аммо қўл-оёқларим измимга бўйсунмас, тилим эса танглайимга ёпишиб қолганди, гўёки.
 —Нега ҳақорат қилдингиз?!—дея такрорлайман, холос. Ҳамзатов эса нигоҳини бир нуқтага тикканча, ўй сурарди. Орага ноқулай сукунат чўкади. Ва уни, ногаҳон, Расул оғанинг дўриллоқ овози бузиб юборади: “Нега Рашидовни мозорда тинч ётгани қўймай, кавлаб олдиларинг?! Қачон ва қайси мусулмон халқи ўз ўғлонларига шундай шаккоклик қилганди?! Ким у Комил Икромов дегани? Ростдан ҳам Акмал Икромовнинг ўғлими?
  Рашидов озмунча югурувдими отасининг номини тиклаш учун!
Айтишларича, ўзига ҳам кўп яхшиликлар қилган экан, у бўлса... Ўқидингми ўша нодоннинг Рашидовнинг руҳига тош отган “Литературка”даги ифлос мақоласини? Усмонхўжаев-чи! Ўзбекларнинг шармандасини чиқариб:“Кадр юборинглар!” деб, Москвага ялинишини унинг... Ҳали кўрасан,
Рашидовнинг арвоҳи уради уларни...”

  Гап бу ёқда экан-да! Юзим яна ловуллай бошлайди, энди — уятдан. 
   Ҳамзатов бўлса ҳамон сўзида давом этар, бири иккинчисидан аччиқ дашномлар йўлларди: “ Қанақанги одам-
сизлар ўзи! Миллий ғурур борми сизларда?!” 

 “Бор, Расул оға, бор! — ўзимни тутолмайман мен.—Аммо шу уч-тўрт манқуртни деб бутун халқни...”
   Дафъатан Ҳамзатов хохолаб кулади... Сўнг “Бор экансан-ку! деб шартта ўрнидан туради-да, мени бағрига босади.—
Мендан ранжима, азбаройи куйиб кетганимдан айтдим-да. Ишонаманки, ҳали сиз ўзбеклар қудратларингни яна кўрсатасизлар! Албатта, кўрсатасизлар!.. Қани, қўлни ташла! Ярашдик-а?”... 

 Кейин Расул оға қайси меҳмонхонага жойлашганимни, шароити қандайлигини бир-бир суриштиради
ва дейди: “Бугунча Махачқалъани ўзинг томоша қилиб тур, бирга борардим-у, Италиядан таржимонларим келишган, озгина ишимиз бор эди.
Эртага шу пайтда шу ерда учрашамиз”. 

  Учрашганимизда Ҳамзатов дейди:
“Сенга бутун Доғистонни кўрсатаман, овулимизгаям олиб бораман!”
—Илтифотингиз учун раҳмат, Расул оға, аммо мен эртага қайтсам девдим.
—Нима?! Ҳов бола, ўпкангни бос! Сен менинг меҳмонимсан, меҳмоннинг изми—мезбонда, тушундингми? Жавоб й ў қ! Тамом-вассалом!—тутоқиб кетади у.
—Кетмасам бўлмайди-да...
—ғалати экансан-ку... Бор, боравер. Кейин қайта Махачқалъага қадам босма! — Қовоғини солиб, тескари қараб олади Ҳамзатов. —Нега қаққайиб турибсан, кет дедим-ку!
—Ахир, ишли одамман, отпускам тугади-да.
— Ҳа, ишдан ҳайдаб юборишларидан қўрқяпман де! Иш топилади, дўст топиш қийин... Тўхта-чи, бошлиғинг ким? Адреси билан исмини ёзиб бер. Ёздим. Ҳамзатов котибасини чақиртирди-да: “ Ҳозироқ Тошкентга, шу адресга, Маҳмудовга (мен ўшанда “Санъат”— ҳозирги “Гулистон”
журналида ишлардим, Тилаб ака бош муҳарриримиз эди) телеграмма юбор, “ Ҳамзатов Анвар Жўрабоевга беш-олти кун мезбонлик қилмоқчи,
имкони бўлса, рухсат беринг”, деб айт. Котиба чиққач, “Кўнглинг
жойига тушдими? Ўйлайманки, бошлиғинг Ҳамзатовнинг илтимосини ерда
қолдирмас... Яқинда отамнинг юз ўн йиллиги бўлади, анча меҳмон келади.
Шу байрамниям бирга баҳам кўрамиз. Қиттак- қиттак отамиз ҳам”,
дейди Расул оға жилмайиб.
Шундай қилиб Доғистонда икки ҳафта қолиб кетдим. Ҳамзатов билан бу тоғли ўлканинг қатор шаҳарларию овулларига бордик. Расул аканинг падари бузруквори, машҳур шоир Ҳамзат Цадаса юбилейи тантаналарида иштирок
этдим. Унга дунёнинг турли мамлакатларидан кўплаб таниқли адиблар,шоирлар, олимлар келишди. Йўл-йўлакай бўш вақт топилди дегунча, Ҳамзатов билан мулоқотлар ўтказишга уринардим, натижада қуйидаги суҳбат туғилди:

—Расул оға, бир нақл бор (балки Сиз ҳам эшитгандирсиз): шоир— дарддан дод солувчи зот ҳисобланармиш... 

—Нега энди дарддан дод солавериши керак экан унинг? Шоир қувончдан ҳайқиришиям керак эмасми, ахир!
—Умуман шоиру шеърият ҳақида кўп нарсалар айтилган. Лекин шундай бўлса-да, айниқса, шеъриятга аниқ бир ифода топиш мушкул. Чунки топилган ўхшатмалар гоҳида жўн, гоҳо эса тутуриқсиз бўлиб қолаётир...
—Шеърият — сирли бир жумбоқ. Дейлик, саҳро бўйлаб боряпсан, чанқоқликдан лабларинг қуруқшаб қолган. Кутилмаганда муздай булоққа дуч келасан. Шеърият, истасанг, худди шу булоқ ҳамдир.Агар шеърият бўлмаганида, тоғлар бир тўда тошлар уюми, қуёш — танасидан иссиқлик ажратувчи
самовий жисм, юракнинг ҳаяжонланиши — қон айланишининг кучайиши, қушларнинг сайраши эса эркагининг ўз урғочисини чорлаши бўлиб қолаверади, холос. Шеърият бу — тонг отиши ёки қуёшнинг ботиши. У эътирофё исён, ё тарсаки, ё ўпич. Илгари шеърлар мақол-у нақлларга айланарди,
ҳозир эса мақол ва нақллар асосида узундан-узун шеърлар битиладиган бўлди.
  —Шоирлар шоир бўлиб туғиладими ёки... 

—Турлича. Пушкин шоир бўлиб туғилган: у болалигидаям, ўспиринлигидаям ажойиб мисралар битган. Умар Хайём эса болалигида шеър ёзмаган. Аслида шоир ҳақиқий шеъри битилган кунда дунёга келади. Анча йил бурун олдимга нотаниш бир йигит келди. Қўлида хат, отамнинг дўстлари ёзибди. “Шу йигит шоир бўлиши керак. Сен унга ёрдам бер”. Демак, у шеър машқ қиларкан-да, деб ёзганларини сўрасам, “Шеър ёзишни билганимда сиздан ёрдам сўраб келмасдим-ку. Сизга шогирд тушмоқчиман. Мана ҳужжатларим”, деб ўнинчини битиргани, соғлиғи яхшилиги, колхозда ишлаши, хотинию болалари борлиги хусусида қатор справкалар кўрсатди. Унинг оиласи катта бўлиб, колхоздан олаётган маоши мутлақо етмас экан. Кимдир унга шоирликни ўрган, пулнинг остида қолиб кетасан, деб маслаҳат берибди. Ёши йигирма бешдан ошган, адабиётнинг кўчасига бирор марта ҳам кирмаган бу гўл бола лаққа тушиб... Кўпчилик шеър ёзишни касб, шоирларни эса энг бадавлат одам ҳисобларкан,,, 
Балки, ҳалиям шундай афандилар топилар...Лекин ҳозир шоирлар кўпайиб кетди, ҳар қишлоқда бор...
—Ким айтди сенга кўпайди деб? Қофиякашлар кўпайган бўлиши мумкин, лекин шоирлар жуда оз. Агар улар кўп бўлганида, дунёнинг ишлари бошқача кечармиди-ей. Гап шоирлар ҳақида бораётган экан, шуниям таъкидламоқчиманки, шоирларни буниси кекса, униси ёш дейиш — нотўғри. Чунки улар, ёшидан қатъи назар, тенгдош. Кейин, ер юзидаги барча шоирлар ( қай мамлакатда яшашмасин) юртдошдирлар. Масалан, мен Ўзбекистонга борсам, вазирларни эмас, шоирларни қидираман. Менинг икки ватаним бор: Цада овули ва бутун жаҳон шеърияти.
—Илк ёзган шеърингиз ёдингиздами? 
—Унда ўқувчи эдим. Кечаси уйқум қочиб, ёзгим келаверди, ёздим. Назаримда, дурустгина чиқди. Мактаб деворий газетасида босишди, аммо, қисқартириб. Уни яхлит ҳолда саҳнамиздан ўқувдимки, мактабдошларим: “Овулимизда тағин бир шоир пайдо бўлибди!” деб мени қутлашди. Ўшанда ўзимни зўр шоир деб ҳисоблаган бўлсам, ажаб эмас. 
Ҳозир-чи? 
— Ҳозир эса... Баъзан шундай пайтлар бўладики, шоирлигимга шубҳаланаман ҳам.
 —Дастлабки шеърларингизни беш жилдлигингизга нега киритмагансиз?
—Чунки уларда гап кўп-у, аммо йиллар залвори етишмасди.—Айрим танқидчиларнинг “ Ҳамзатов — файласуф” деган таърифига қандай муносабат билдирасиз? 
—Омади юришмаган шоирларгина файласуф бўлишади. Омади юришмаган файласуфлар эса — тарихчи. Ҳақиқатдаям, сал ишим юришмади дегунча, ўзимни фалсафага ураман. Аммо шоирлик билан файласуфлик мутлақо бошқа нарсалар. Бир пайтлар поэзия кўпинча ахборотлар йиғиндисидан иборат бўларди. Янги йўл очилса — шеър ёзиларди, янги канал ишга тушса —яна шеър... Хайрият, бугун шеърият яна чуқурлашяпти, теранлашяпти.
— Ёш улғайган сари, тажриба ҳам ошади. Энди Сизга шеър ёзиш жуда осондир-а?
—Шеър тажриба билан бирга ички ҳолатга ҳам боғлиқ. Шундай пайтлар бўладики, сатрлар ўз- ўзидан қуюлиб келади. Гоҳо эса куни билан ҳеч нарса ёзолмайман... Илгари ортиқча ташвишлар деярли йўқ, куч- ғайрат ҳам кўп эди. Ҳозир бўлса гоҳида ўйлаган нарсаларимни амалга оширишга қувватим етмай қолади. Худди шу билиму тажрибам билан, қани энди йигирма ёшлига айланиб қолсам...


 Ҳиндларнинг нақлига кўра, энг аввал 
Оламда илонлар пайдо бўлгандир.

Тоғликларга қолса, улар ҳар маҳал
 Энг аввал лочинлар пайдо бўлган дер.


 Мен эса ўйлайман: ушбу оламда 
Одамлар бунёдга келган илгари.
 Кейин, қай бирлари лочин бўлган-да, 
Илонга айланган қайси бирлари.
 * * *
 Ибтидо, туғилиш—биринчи довон, 
Ўлим—иккинчиси, йўлнинг поёни. 
Сен бўлсанг, ўзингча, бандаи нодон, 
Забт этмоқ бўлибсан юз бир довонни.


Бўронсиз, курашсиз, тинч, осойишта 
Яшаб келганингдан ўзингча шодсан. 
Ҳеч ким шерик эмас шодлик, ғамингга 
Дўстинг йўқ, демак бил, сен бенажотсан. 


Юзга кирсанг ҳамки, фарқи йўқ билгил, 
Сочинг оқарса ҳам ўхшаб донога,
 Одамлар олдида очиқ айтаман: 
Демак, келганинг йўқ ҳали дунёга. 
            ***
 Булбуллар ичинда тинмас забонман,
 Ҳамон ёнингдаман, танангда жонман.
 Агар ошиқларинг ўн мингта бўлса,
 Билгилки, аларнинг сардори менман.


 Қўлларим истаги тутмоқлик қўлдан,
 Истагим, тотмоқлик лабдаги болдан. 
Ошиқларинг келса ўн мингта йўлдан, 
Билгилки, энг аввал келгани, менман.


 Севгига содиқлик шартини қўйсанг, 
Шартни бажармасни ёнингдан қувсанг, 
Агар ўн мингтадан юзта қолдирсанг, 
Билгилки, юзтадан биттаси менман


    Кексалик деган сир жой олса дилдан,
 Йигитлик қуввати кетса ҳам белдан,
 Ҳар кун гул олсанг сен гар ўнта қўлдан,
 Билгилки, энг аввал гул тутган менман. 


Фалак фалаклигин қилса ногаҳон,
 Сендан юз ўгирса ҳатто кенг жаҳон,
 Ошиқлардан қолса бир нафар, инон,
 Қолган шу ошиғинг, билгилки, менман. 


Кўзларинг бемаҳал ёшларга тўлса, 
Агар душманларинг устингдан кулса, 
Ошиқларинг агар, ҳеч келмас бўлса, 
Марҳум Расул Ҳамзат, билгилки, менман. 


     Маданият, шеърияту адабиёт, охири, ёвузликни батамом тугатадими? 
—Маданият, адабиёт, жумладан, шеъриятнинг вазифаси бундан иборат эмас. У фақат муаммо кўтариб чиқиши мумкин . Масалан, шоирлар “Нима қилмоқ керак?”, “Ким яхши яшайди?” каби савол- ларни ўртага ташлагани ташлаган. Бу саволларни эса жамият ечиши лозим. Шоирда танк ҳам, самолёт ҳам, қурилиш материаллариям йўқ. Унинг бор бойлиги— қоғозу қалам.
 —Бугунги шеърият олдидаги энг долзарб масала? 
—Шу-шу муаммоларни кўтариш лозим деб, алоҳида ажратиш қийин. Шеъриятнинг боши битта-ю, ташвиши мингта. Асосийси — тинчликни сақлаш, оила, миллат, Ватан тараққиёти. Оила бўлмаса, миллат бўлмайди, миллат бўлмаса — халқ, халқ бўлмаса — Ватан. Ҳа, яна бир катта муаммо — севгини асраш!
 —Йигирма биринчи аср шеъриятини қандай тасаввур қиласиз? —Янги-янги воқеалар, шак-шубҳасиз, шеъриятга ўзгача оҳанг, шакл бағишлайди. Лекин шеърият ўзининг асл манбаи — халқнинг маънавий булоқларидан сув ичиб туриши лозим. Борди-ю, шу булоқларнинг кўзини қум қопласа — даҳшат! Халқ оғзаки ижоди ҳам ана шу булоқлардан. Бизда ёмон одам ҳақида шундай дейишади: “Онаси унга алла айтмаган экан-да”. Тоғликларнинг ақл-заковатини аниқлаш учун қадимда уларга учта топшириқ бериларди — ўтмас болтада ўтин ёриш, тошлоқ жойнинг ерини ҳайдаш ва учта эртак айтиб бериш.
.Ижод эркинлиги деганда нимани англайсиз?
—Агар эркин бўлмасангиз — ёза олмайсиз. Инсон ва озодлик бир бутун бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Шоир ёзаётганида цензура, танқидчилару ўқувчини ўйлай бошласа, шеърини ҳеч вақт тугата олмайди. Ёзаётганимда менга ҳеч ким, ҳеч нарса халақит бермаслиги шарт. Чунки ўша олам — фақатгина менга тааллуқли олам. Ёзиб бўлганимдан сўнг эса, агар шеъримни бирортаям одам қабул қилолмаса — унда ўша шеър меники ҳам бўлмайди: уни ўлган деб ҳисоблайман.
Сиз ўқувчиларингизга қандай маслаҳат беришни ёқтирасиз? — Ҳеч нарса деб. Мен уларга насиҳатгўй эмас, балки дўст бўлишни истайман. Лекин, ҳаммаси билан эмас.
—“ Ҳамзатов таржимонларсиз Расул Ҳамзатов бўлиши қайда эди”, деган гаплар Сизнинг қулоғингизга ҳам чалингандир? 
—Илгари эса, биласанми, нима дейишарди? “Расул учун отаси ёзаркан”. Энди сен келтирган гапни айтишади. Мени таржимонлар машҳур қилишди деганлари рост. Агар уларнинг чин юракдан қилган меҳнатлари бўлмаганида, сўзсиз, кўп нарса нарса ютқазардим. Лекин мен ҳам қўл қовушти-
риб ўтирмаган бўлсам керак.
 —Отангиз ҳақида одамлар кўп яхши гаплар айтишяпти (жойи жаннатда бўлсин, раҳматлининг). Мана юбилейига ҳам жумлаи жаҳондан энг таниқли меҳмонлар тўпланишди. Халқ шоири унвонига сазовор бўлган падари бузрукворингиз Доғистон поэзиясида ўчмас из қолдирган. У кишидан Сизга қолган энг катта мерос-чи? 

—Менда қанақанги яхши хислат бўлса, бари — ота мерос.
— Ёмон хислатлар-чи? 
—Бунда отамнинг айби йўқ. Отам меҳрибон ҳам, қаттиққўл ҳам эди. Аммо ҳеч қачон бировни ноҳақ хафа қилмасди... Болалигимда бир куни мактабга бормай, қимор ўйнаб, отам китоб-дафтарга берган пулни ютқазиб қўювдим. Яна ўйнагим, аниқроғи, ютгим келди. Пул эса — йўқ. Бир ҳийла ўйлаб топдим. “Эртага шаҳардан полвонлар келишиб, томоша кўрсатишади. Улар менга пул йиғишни топширишди”, деб овулимиздаги беш-олти хонадондан анча пул тўпладим. Уларниям бой бердим... Кейин бир оз тевалашдик ҳам. Уйга бир аҳволда, шимларим йиртилиб бордим. “ Қаерда эдинг? Шиминг нега йиртиқ?” сўради отам. “Мактабда эдим. Мих тилиб олди”, дейишим билан, шапалоқ тортиб юборди. У киши ҳаммасини билган экан — қўшнилар айтишибди. Орадан уч кун ўтгач, мени чақириб сўради: “Нима учун урганимни биласанми?”. “ Қимор ўйнаганим учун”. “Йўқ, ёшлигимизда ҳаммамиз ҳам ўйнаганмиз”. “Шимимни йиртганим учун”, “Йўқ. Ким ёшликда шимини йиртмайди, дейсан”. “Унда, мактабга бормаганим учун”. “Йўқ. Алдаганинг учун. Бу охиргиси бўлсин!..” 
—Кейин ҳам ана шундай сабоқлар олиб турдингизми? 
— Ҳа. Бир пайтлар ЦК шоира Анна Ахматова билан ёзувчи Михаил Зошенконинг ижодини қоралаб, махсус қарор чиқарди. Катта йиғинда мен ҳам ана шу қарорни қўллаб- қувватладим. Кечқурун уйда отам сўраб қолди: “Сен уларнинг асарларини ўқиганмисан, ўзи?”. “Йўқ”. “Унда ижодлари ҳақида хулоса чиқаришга нима ҳаққинг бор?!” Мени ҳозиргача яна бир виждон азоби қийнайди: “Гарчанд отам “Шомилга ҳеч қачон тил теккизма”, деган эса-да, мен аҳмоқ 1951 йилда бу улуғ ҳамюртимизни, рус босқинчиларига қарши курашга бошчилик қилган бу жасур инсонни айблаб, шеър ёзувдим.—Биров мажбур қилган ёки кимдир юқоридан буюртма бергандир-да? 
— Ўз ихтиёрим билан ёзувдим. Сабаби: онгим ўшандаги сиёсат билан шу қадар заҳарланган эдики. Шомилни, биласанми, ким деб талқин қилишарди у пайтлар — турк ва инглиз айғоқчиси. Унинг мақсади Кавказ халқлари ўртасида низо чиқариш бўлган деб, бетиним уқтиришарди... Шомил ҳақидаги ҳақиқатни билганимдан сўнг уни мадҳ этувчи каттакон шеър ёздим. Мени отам, ҳамюртларим, Шомилнинг арвоҳи кечирдими-йўқми — билмайман-у, аммо ўша илк шеърим учун ўзимни кечиролмайман.

Доғистон мўъжазгина юрт бўлишига  қарамай, бу гўшада лазгин, тат,
 қумиқ, нўғай каби  ўнлаб миллатлар яшайди. Шулардан энг кўпини сизнинг
халқ—аварлар ташкил этади. Кимдир айтиб  қолувди: “  Ҳамзатов авар тилини                                                                                                 
  1. Доғистон тили деб эълон  қилишга уриняпти”, деб..

    1. Мен она тилим аварчани энг муқаддас деб биламан. Аммо  қумиқ  ҳам, тат  ҳам,  қолганлар  ҳам, табиийки,  ўз она тилларини муқаддас  ҳисоблашади. Шу боис шахсан мен бир тилни иккинчисидан устун  қўйишларига мутлақо  қаршиман. Лекин  ўз она тилини билмаганлар... Узоқ йили Францияда бир рассомни учратиб  қолдим. У  ҳамюртим бўлиб чиқди. Доғистондан  қандайдир сабаб билан кетиб  қолган,  ҳатто онаси-ю  қариндошлари билан  ҳам алоқаси йўқ экан.  Қайтгач, унинг онасини топдим. “Мен эса  ўғлим  ўлган деб юрар- дим-а. Хат  ёзмасаям, иш қилиб соғ-омон юрса бўлди!” деб роса  қувонди кампир. Кетаётганида дафъатан сўраб  қолди: “Айт-чи,  ўғлим билан авар тилида гаплашдингларми?”. Алдай олмадим,  ўғли аварчани умуман билмасди. Биз таржимон орқали тиллашгандик. Буни эшитиб, кампирнинг юзи тундлашиб кетди-да: “Расул, сен адашибсан.  Ўша рассоминг бошқа одам экан. Агар менинг болам бўлганида, она тилини унутмасди.  Ўғлимнинг  ўлгани рост экан”, деди у.

     Бир пайтлар ёзувдингиз: “Оиламизда тўрт нафар танқидчи ва атиги бир нафар шоир бор” деб. Ёнингизга бошқа шоир қўшилмадими?
  -Йўқ. Тўрт нафар танқидчи деганда, мен уйимиздаги аёлларни назарда тутувдим. Ҳозир, невараларим туғилгач эса бизда бутун бошли аёллар “ороли” вужудга келган.


—Сизни ҳазиллашиб, “ Ҳамзатов Фотимат фанлари номзоди”, дейишганини қандай тушунса бўлади?

—Оиламизда Фотиматлар кўп-да: хотиним, онам, қизим.
Ҳатто,раҳматли қайнонамнинг ҳам исми Фотимат эди. Энди мени “Фотиматфанлари доктори”, дейишади. Чунки Фотимат деган неварам ҳам бор-да!

“Эллик бешга киряпман. Бу  ёшга етганлар  ҳақида тоғликлар: “Энди унинг оти  қоқила бошлайди”, деб айтишади.   Ҳақиқатдаям  ҳатто, бир финжон шароб  ҳам менга таъсир  қиладиган бўлган. Менинг  ёшимда истак билан амалий ишлар орасидаги масофа тобора  қисқаради. Аммо мендаги севги  ҳарорати  ҳамон пасайгани йўқ. Юрагим  ҳанузгача лов-лов  ёнади”Бу сўзларни  қарийб  ўн йил илгари  ёзувдингиз.   Ҳозир-чи,  қалай шуоловнинг тафти?

  - Ҳалиям ўшандай. Агар шоирнинг юрагидаги ёлқин сўнса, у шеърбитолмайди! Бир воқеани айтиб берай. Эсласам, ҳали- ҳали кулгим қистайди. Шеъриятга тетапоя қадамлар ташлаётганимда, отамнинголдига кекса дўстларидан бири келиб, “Агар Расул тезда машҳур шоир бўлиб кетишини истасангиз, бунинг йўли бор. У бирор бир гўзал қизни севиб қолиши керак. Аммо қиз шу қадар жиддий бўлиши шарткисевгисини рад этсин. Ўшанда ўғлингиз Мажнунга ўхшаб азоб чекиб,кечалари билан тўлғаниб чиқади. Ва шу ҳижрон қийноқлари унинг қаламини шундай чархлаб юборадики У бирдан энг маш ҳур шоиргаайланади- қолади”, деганди...
Расул оға, хабарингиз бор
ми-йўқми, билмадим: Тошкент яқинидаги Чирчиқ шаҳрида “Турналар” қўшиғингиз асос бўлган ёдгорлик мавжуд. У иккинчи жа ҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасига ўрнатилган... 
—Бундай эътибор учун ўзбек халқидан миннатдорман... Биласанми шу шеърни қаерда ёзганман? Японияда, Хиросимада. Қоғозлардан турнача- лар ясаб, уларни бирин-кетин осмонга учирадиган қизалоқ ҳақидаги ҳикоя менга қаттиқ таъсир қилувди. Эртасига эса онамнинг вафоти тўғри- сида телеграмма олдим. Бир онда волидам, урушда ҳалок бўлган икки акам турналарга айланиб қолишгандек бўлди, хаёлимда... Шу ерда ўз- ўзидан “Турналар”нинг сўзлари “чарх ура” бошлади... Тошкентга яна йўлим тушса, сен айтган ўша ҳайкални зиёрат қиламан, албатта.
— Ўзбекистонга тез-тез келиб турасиз. Юртимиз ҳақидаги таассуротларингизни билишни истардим. 
—Агар ўзбеклар мени тез-тез келиб турарди, деб ҳисоблашса, демак, мен уларнинг жонига тегибман. Менинг назаримда, Ўзбекистонда жудаям оз бўлганман. Таассуротларим эса бир умрли. Қадимий обидалар! Сулув қизлар! Мард йигитлар! Кўҳна бозорлар! Самарқанд! Бухоро! Театрлар! Такрорланмас мусиқа! Палов! Кабоб!.. Мен учун энг яхши жой—дўстларим кўп бўлган ер. Мен учун Ўзбекистон ана шундай азиз замин. гафур гуломникида меҳмон бўлганман. Ойбек билан яқин эдим, Мирмуҳсину Рамз Бобожон билан турли анжуманларда кўришиб турардик. Улкан тақдирли, иродали ва умуман хислатлари беҳисоб Зулфияхонимни мудом эъзозлайман. Сизларда бири иккинчисидан-да истеъдодли шоирлар анчагина. Гарчанд Ўзбекистон шеъру қўшиққа бой эса-да, жаҳон классик шеъриятиниям юксак қадрлашларингга ҳавасим келади. Эркин Воҳидовнинг “Фауст”ни, Абдулла Ориповнинг “Илоҳий комедия”ни ўзбекчага ўгиришгани зўр бўпти!
Ўзбекистонда Шукруллодек ажойиб ўртоғим бор. Уникида ҳам кўп марта туз еганман. У галварс бир куни Москвада ресторанда ўтириб, мени бир ҳамюртимга ёмонлабди. “ Ўтакетган ароқхўр”, дебди, худди ўзи кам ичадигандай. Эшитиб жуда хафа бўлдим. Шу орада ўзиниям учратиб қолдим. “Мени нега ғийбат қилиб юрибсан?!” деб сўрасам, нуқул тиржаяди. “Нима дебман?” деб, ўзини гўлликка солади. Охири нималар деганини айтсам, “Йўқ, Расул, мен ундай демовдим. Айтувдимки, илгарилари Ҳамзатов билан бирга ичардик. Мен ароққа хиёнат қилдим—ичишни ташладим. Расул эса вафодорлигича қолди. Иродаси зўр экан!..” 

—Шу мавзуда дўстингиз Чингиз Айтматовдан самолётда рўй берган қизиқ бир воқеани
эшитувдим...

 — Ҳа, ҳа ( ўзини тиёлмай кулади Ҳамзатов). Узоқ йили у билан хорижда бўлувдик. Қиттак кўпроқ олиб қўйган эканман шекилли, кимдир элчихонага етказибди. Ва мениям, менга қўшиб бегуноҳ Чингизниям ҳали сафаримиз якунига етмаган бўлса-да, Москвага қайтаришди. Шундай хижолат бўлдимки... Самолётимиз Ҳимолай тоғлари устидан учаётганида, иллюминатордан уларга қараб ( ёнимда Чингиз ўтирганди): “Эй, кўҳна тоғлар! Эй, оппоқ қорлар! Эй, сервиқор булутлар, мен, шоир Расул Ҳамзатов сизларнинг олдингизда, дўстим Чингиз Айтматовнинг олдида қасамёд қиламанки, энди ичишни ташлайман!..” дедим, овозимни баралла қўйиб. 
  Орадан хиёл ўтмай Москвада, Адабиётчилар уйида москвалик дўстларим “Бизларга юзта қуйиб берадиган одатинг бор эди. Нега буфетга обормаяпсан?” деб қолишди. “Майли, сизларни меҳмон қиламан-у, аммо ўзим ичмайман”, дедим уларга. “Сен ичмасанг, биз ҳам ичмаймиз” дея ўпкалай бошлашди дўстларим. Кўнглим бўшда, “Бир марта ичсам ичибман-да” деб, буфетга бошлаб бориб, буфетчига буюртма бера кетдим: “Манавунга икки юз грамм ароқ, унисига юз грамм коньяк...”. “Сизга-чи?” сўради у. “Менга эса...” Шу пайт кимдир кириб келгандай бўлди. Ўгирилиб қарасам, ортимда Айтматов турибди! “Менга эса—бир стакан апельсин шарбати!” дегандимки, Чингиз шарақлаб кулиб юборди... 
  Э, менга қара, қизиқ одам экансан-ку, нима қиласан бўлмағур воқеаларни эслаб... Яна қандай саволинг бор?
 — Ҳамзатовга Ҳамзатовнинг нимаси ёқмайди? 
— Қомати. 
—Характерида-чи? 
—Мен учун асосийси — характерга эга бўлиш... Лекин, очиғини айтайми? Сабрсизман. Нуқул шошилавераман.
     Кунларнинг бирида Расул  Ҳамзатов: “Тайёрланиб тур, индинга вертолётда Цада овулига учамиз. Мен туғилиб ўсган жойларни бир зиёрат қиласан, ҳамқишлоқларим билан танишасан”, деб уч-тўртта расм қолдирди. Уларда шоирнинг овулию овулдошлари акс эттирилганди, менимча. Ва баланд тоғлар қўйнида жойлашган шу гўшага Ҳамзатов билан бирга боришимни эшитиб, шундай қувондимки... Аммо... Ўша куни кечқурун уйдан телеграмма келди: онам дунёдан кўз юмибди... Хонамга кириб, ўкириб- ўкириб йиғладим... Бир пайт Расул оға етиб келди-да, мени қучиб, ҳамдардлик билдирди. Кўзида дув-дув ёш... “Э ҳ, сени ушлаб қолмаганимда, онангнинг охирги сўзларини эшитардинг, унинг тобутини кўтарардинг... Айтувдим-ку, онамнинг тобутини кўтаролмай, доғда қолувдим деб. Бу фарзанд учун жуда оғир... Мени кечир...” Мен ўзимни йиғидан зўрға босиб: “Пешонага ёзилгани бўларкан-да, Сизнинг не айбингиз бор, Расул оға”, дейман... Жазирама август эди ўшанда, дам олувчилар мавсуми. Ҳатто Ҳамзатов ҳам Тошкентга авиабилет топиш учун анча қийналди... Булунғурда (илгари туманимиз маркази Красногвардейск деб аталарди. Истиқлолдан сўнг унинг қадимий номи— Булунғур қайта тикланди) мени онамнинг ҳали тупроғи совиб улгурмаган қабри қарши олди... Эртасига эрталаб Махачқалъадан—Расул оғадан онам вафоти муносабати билан мен ва отамга таъзия изҳор қилинган телеграмма келди... 
* * * Ўн беш кунлар ўтгач, Ҳамзатов хонадонимизга қўнғироқ қилиб, ҳол-а ҳвол сўради. Сўнг яна учрашдик: 1989 ва 1990 йилларнинг декабрида—Москвада—СССР халқ депутатлари съездларида (Расул оға депутат, мен эса журналист сифатида иштирок этгандик). Бўш вақт топилди дегунча, холи бир жойга бориб, суҳбатлашардик. Съезддан сўнг Ҳамзатов билан қайта учрашиш имкони бўлмаган эса-да, суҳбатларимиз давом этар: телефонлашиб турардик. Мустақилликка эришгани- миз, Президентимиз Ислом Каримовнинг жасорати туфайли Шароф Рашидовнинг номи оқлангани, Москвадан жўна- тилган “десантчи-кадрлар” ин- инларига киритиб юборилгани, миллий ғуруримиз тикланаётга- нидан хабар топгач, “Иш қилиб кўз тегмасин ўзбекларгаю қайта туғила ётган Ўзбекистонга!.. Тарихингиздаги ўша қора кунлар ҳақида ҳам, Шароф Рашидов ҳақидаям кўпроқ ёзилиши керак. Ана шунда келажак авлодлар бахтли кунларнинг қадрига ўшанча кўпроқ етадиган бўлишади”, деди ҳаяжонини яширолмай Ҳамзатов ...

Anvar Juraboev ning kitobidan.





















































Комментариев нет:

Отправить комментарий